Сирдарёнинг ижодкор устозлари
1 min read

Сирдарёнинг ижодкор устозлари

Юртимизда ҳар бир соҳага эътибор қаратилаётганлиги барчамизни қувонтиради. Айниқса, кейинги йилларда халқ таълими соҳасида сезиларли даражада туб ўзгаришлар бўлаётганлигини мисол сифатида келтириш мумкин. Дарвоқе, таълим ва тарбия ижтимоий жамиятимизнинг таянчи ҳисобланади. Шунинг учун бир-биридан ажратиб бўлмайидган бу жараённи ривожлантириш ниҳоятда муҳим.

Бу соҳада жонбозлик кўрсатадиган шарафли ва машаққатли касб эгалари эса ўқитувчилардир. Давлатимиз раҳбари бу машаққатли касб эгаларининг меҳнатсеварлигини муносиб баҳолаб “Ўқитувчилар жамиятнинг энг ҳурматга сазовор кишисидир” деб таъкидладилар. Ўқитувчиларнинг иш фаолиятида зарур бўлган барча шароитларни яратилётганлиги, таълим муассасаларини  замонавий ўқув жиҳозлари билан жиҳозланаётганлиги барча педагог ходимларни қувонтиради, албатта.

Ижод қилиш, шеър ёзиш, ҳар бир инсонни эзгу ишларга бошлайди. Бинобарин, ижод қилаётган устозларимиз Сирдарё вилояти устозлари  ҳам ижод сохасида бир қанча ютуқларга эришмоқда.

Сирдарё вилоятида ҳам ўқитувчи номини шараф ила оқлаётган жонкуяр ўқитувчилар талайгина. Вилоят миқиёсида таълим ва тарбияда ўзини аямай меҳнат қилиш билан бирга ижод билан ҳам шуғулланаётган устозларимиз 150 га яқин, хатто улар орасида 10 га яқин устозларнинг тўпламлари нашр этилган.

Хусусан, Ховос туманида тавалуд топган ва ижод билан шуғулланаётган  Раззоқ Сангил ҳам ўзининг шеърлари билан кўпчиликка яхши таниш. Устознинг “Муқаддас эҳтирос” шеърий тўпламида эътиборимизни тортадиган кўплаб ижод наъмуналари учрайди. Мазкур китобдаги шеърларда она, Ватан, меҳр-оқибат, муҳаббат, ҳижрон, армон ва бошқа инсоний ҳисиётларнинг ўзига хос ифодалангани зукко ўқувчини бефарқ қолдирмайди, беихтиёр ўйланишга, мулоҳаза юритишга ундайди. Раззоқ Сангил бу орқали ўзининг баъдий тафаккур даражасини намойиш қилганини кўриш мумкин.

Инобат Астанқулова    бир неча йиллардан бери  педагогик фаолияти билан бирга бадии ижод билан ҳам шуғулланади. Шу билан бирга жамоат ишларида фаол. Узи фаолият юритаётган 9-умумтаълим мактабида  хотин-қизлар Кенгаши ва мактаб фан методик уюшмасининг раиси хамдир. Ижодкор устозимиз – ижод гулшанида сайр этишни хуш кўради. Устознинг “Умр ўтмоқда”, “Юртим жамоли” шеърий тўпламларидаги    бир қанча шеърлари билан ўзининг  ижодий салохиятини намойиш этмоқда. Мазкур китобда “Рақамлар тилга кирса”, “Ишоралар”, ва “Ўнли касрлар” каби бир қатор шеърларини устозларимиз дарс жараёнларига бемалол тадбиқ этишлари мумкин.

Юрагим ишқ билан ён, дедим,

Севгининг болига қон, дедим.

Маст бўлгин ишқнинг майидан,

Фидо сенга мингта жон, дедим.

Бу сатрлар муаллифи Сайёра Эрназарова Боёвут туманида бир гуруҳ ижодкор шогирдларини тарбиялашга улгурган. Энг мухими ёзганларида дилимизни ёритувчи дилкаш булувчи сатрларнинг борлиги кишини қувонтиради.  2011 йил нашр этилан “Дилкаш наволар” тўпламида ўз услубига содиқ ҳолда севги, садоқат, инсоний бурч ва фарзандлар олдида масъулият, она-юртга, табиатга муҳаббат туйгуларини тараннум этганлигини кўриш мумкин. Тўпламдаги “Сиз мендан кетолмайсиз”, “Имтихон”, “Тақдир”, “Сендан ўзга жаҳоним йўқ”, “Тополмаган имконим” каби шеърлар ҳаётнинг кўпдан-кўп синовларини бошидан ўтказган, турмуш зарбаларига матонат билан дош бериб келаётган аёл қалбини тўла-тукис ифодалаб турибди. Инсоннинг  дард-аламлари шодлик ғурури қалб сарҳадларидан тўлиб тошган лаҳзадагина у шеъриятга қўл уради. Ижодкор устозимиз ҳам ана шундай хассос қалб эгаси эканлиги  унинг сатрларида намоён бўлиб турибди.

Назокат Ахатқулова фидойи устозлардан бири.  Шунингдек шеъриятга ҳам адабиётга ҳам бефарқ эмас. Шеърият аталмиш бу боғ кимларни шайдо этмаган, қанчадан-қанча ошуфта диллар у томон ошиқади. Шеъриятга меҳр қўйган ижодкор устозимиз  анчадан бери маҳалий матбуотда ўз шеърлари билан фаол. “Юракдаги нидолар”,  “Садодан изланг”  шеърий тўпламларининг нашр этилганлиги фикримизни яна бир бор исботлайди.  “Она”, “Аёлингиз биттадир”, “Келинглар”, “Ўзбегим тўйлари”, “Алла” каби шеърларини ўқир эканмиз, маънавиятимиз ва қадриятларимизнинг дунёда муқобили йўқлигига имон келтирамиз, кўнглимиз ифтихор туйғуларидан ажиб бир сармастликни туяди. Устознинг битикларида халқчиллик уфуриб туради. Ана шу жиҳати билан унинг ёзганлари кўнглимизга яқин.

Оллох берган истеъдодни қадрлаб, ижодга бўлган садоқатини ҳамма бошловчи ижодкор ҳам намоён этавермайди. Захматига бардош бера олган қаламкашгина бу майдонга дадил қадам ташлаб кириб келади ва ўзининг ўзига хос чаманзорларини яратади. Наср ва назмда баробар ижод қиладиган ижодкор устозларимиздан бири  бу – Лобар Муродова. Унинг ёзганларида анча пухта ўхшатишлар бор. “Дилроз” номли тўпламига киритилган кичик-кичик тўртликларида ижодкорликка хос тасвирлар учрайди. Ёш ижодкорнинг ижод наъмуналарида бошқа ижодкор услубини қўлламасликка ҳаракат қилаётган изланувчан қаламкашнинг мисраларидаги топилмалар, дилга жуда яқинлиги билан аҳамиятлидир. Бу каби ижодкорларнинг таълим-тарбия сохасида фаолият юритаётганлиги қувонарли хол албатта.

Ижодкор устозларимиздан яна бири Дилфуза Қосимова ижодкорлик салохияти билан ўз ўрнига эга булган ёшларимиздандир. Дилфуза Қосимова ижод қилиш билан бирга, китоб мутоала қилишга ҳам меҳри бўлакча. Китоб эзгуликлар уруғини сочувчи Қуёшдир. Кун келиб эзгуликлар нуридан баҳраманд бўлиб улғайган ёшларнинг келажаги порлоқ. Шу сўзларни ўзига шиор қилиб олган ижодкор устозимиз, “Ёш китобхон” танловининг Республика босқичида қатнашиб ўзининг серқирра педагог эканлигини намойиш этди. Бугунги кунда ўз устида тинмай меҳнат қилаётган умидли ижодкор ёшларимиздан хисобланмиш Дилфузанинг купгина шеълари китоб холда чоп этишга тайёрлаб қўйилган. Вилоят таълим тарбия сохасида фаолият юритаётган иқтидорли педагогларнинг ижод намуналарини кузатар эканмиз  уларни яна ҳам ижодини юксалиши учун эҳтиёж борлигини сезамиз. Албатта ижодий фикрлаш ҳар кимга ҳам берилмаган. 

Машаққат йўлида ҳизмат қилаётган устоз ижодкорларни ҳар қанча эътироф этсак арзийди.

Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби ўқитувчиси

Мамадалиева Шохиста Худойбердиевна

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan