Мардлар қўриқлайди Ватанни…
1 min read

Мардлар қўриқлайди Ватанни…

Гулистон шаҳри Ҳалима Худойбердиева номидаги Ижод мактабида Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ташкил топганлигининг 28 йиллиги, ҳамда 14- январ “Ватан ҳимоячилари куни” муносабати билан тадбир бўлиб ўтди. Тадбирга Тошкент шаҳар округ қўшинлар қўмондони полковник Сайфиддинов Зокир Эркинбоевич ҳамда Сирдарё вилояти Мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғи майор Қувватов Ойбек Ҳамиджонович ташриф буюрдилар.

Сайфиддинов Зокир Эркинбоевич сўзга чиқиб, Ижод мактаби ўқувчиларини Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан табриклаб қуйидаги сўзларни гапирди:

– Бизни миллатимиз тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Дунё адабиётини бешигини тебратган бизнинг миллатимиз ота-боболаримиз ҳисобланади. Мен сизлардек ўқувчилик вақтларимда бадиий адабиётларни жуда кўп ўқирдим. Жумладан, Абдулла Қодирийнинг Ўтган кунлар романини 5 марта ўқиганман. Шу асарда- Отабекнинг ота-онага ҳурмати, Юсуфбек Хожининг “Бизнинг хонадондан ҳеч бир киши норизо бўлиб кетган эмас, ” деган сўзлари, Кумушнинг иффати – ўзбек миллатининг энг ибратли тарбияси сифатида мукаммал ёритилган. Келажакда сизлар ҳам мана шундай буюк ёзувчиларимиз сингари ўз ижод намуналарингиз билан ўзбек адабиётини бойитасизлар.

Дунё цивилизацияси бешигини тебратган Қомусий олимларимиз ҳам айнан Ўрта Осиёдан чиққан. Ижод мактабининг ўқувчилари ҳам келажакда мана шундай аждодларимизга муносиб булиб Ўзбекистон номини дунёга танитади.

Мен ҳар доим ҳарбийларга “Сен асл бўл, аслинг каби бўл” деган гапни кўп такрорлайман. Агар биз асл инсон бўлсак комил инсон бўламиз- худди Алишер Навоий бобомиз айтганидек. Мана ҳозир тарихий ўтмишимиз миллийлигимизга яна қайтаяпмиз.

Сизлар ижод мактабининг ўқувчилари келажакда буюк адабиётшунослар бўлиб камолга етасиз. Ҳарбийлар ўзларини ватанпарварлик салоҳияти ҳарбий ҳизматини адо этса, сизлар ўз ижодингиз билан Ватанга ҳизмат қиласиз. Биз ёза олмаган туйғуларимизни сизлар ёзасиз биз айта олмаган гапларни сизлар қоғозга туширасизлар.

Биз сизларга ишонамиз -Келажагимизнинг буюк ижодкорлари бўлиб камолга етасиз.

Ўзбекистон Республикаси Бош Қўмондони- Муҳтарам президентимиз сизларга мана шундай муҳташам бинони тақдим этган эканлар, сизлар бундан албатта қувонишингиз, масъулият билан бу ишончни оқламоғингиз лозим.

Бундай қулай шароитларга эга булган муҳташам мактаб, ҳаттоки, Тошкентда ҳам йўқ. Шунинг учун сизлар шукроналик ила фақат олға интилмоғингиз керак.Ижод мактабининг истеъдодли ўқувчилари томонидан ҳарбийларимиз ва ватан мадҳи улуғланган Муҳаммад Юсуф ва Муҳаммад Исмоил ижодидан шеърлар ёд айтдилар.

Тадбир сўнгида Ижод мактабининг раҳбари халқимизнинг севимли шоири Муҳаммад Исмоил ҳарбий меҳмон-Сайфиддинов Зокир Эркинбоевичга ўзининг китобларини совға қилди. Ҳарбий меҳмон ушбу китобдаги шеърлардан ҳарбийларнинг саф машқларида фойдаланишини тўлқинланиб гапирди.

ШОҲИСТА МАМАДАЛИЕВА,

Ҳалима Худойбердиева номидаги Ижод мактаби ўқитувчиси.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan