Хоразм ҳофизлари ижод масканида….
1 min read

Хоразм ҳофизлари ижод масканида….

             Кўҳна Хоразм диёри  ўзининг қадимийлиги, бетакрорлиги,  қолаверса сеҳрли куйи билан барчанинг эътиборини бирдек  жалб этиб келган.  Айниқса  Хоразм куйида, лазгисида шундай бир илоҳий  сеҳр борки, бу куйни  тинглаган ҳар бир инсонда  беихтиёр   рақсга тушиш истаги пайдо бўлади.  Хоразм санъатини кўкларга кўтарган санъаткорлар орасида  Ортиқ Отажоновнинг ўрни беқиёс.  Ўзбекистон, Туркманистон,  Қорақалпоғистон халқ  артисти унвонларига сазоворлиги Ортиқ Отажоновни улуғ санъаткор бўлганилигининг исботидир.

       Ортиқ Отажоновни хотирлаб Республикамизда илк бора 27 январ санасида Гулистон шаҳридаги Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабида    “Назм ва наво кечаси” бўлиб ўтди. Ушбу тадбирга Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон,  Ўзбекистонда ҳизмат кўрсатган маданият ҳодими Аҳмаджон Отажанов, Қорақалпоғистонда ҳизмат кўрсатган артист Каримбой Раҳмонов, Ўзбекистонда Ҳизмат кўрсатган артист Оғабек Собиров ва яна бир қанча эл ардоғидаги таниқли инсонлар ташриф буюрдилар.

     Тадбирда Ўзбекистонда ҳизмат кўрсатган маданият ҳодими Аҳмаджон Отажонов  сўзга чиқиб куйидаги сўзларни баён этди:

                  Аввало, мана шундай муҳташам мактабга кириб келишимиздаёқ  шу нарсани ҳис қилдикки, Юртбошимизнинг ташаббуси билан бунёд этилган бундай мактаблар буюк  келажак барпо этаётганимизнинг далилидир.                                  

          Сир эмаски, яқин йигирма беш йил давомида ҳаётимизда қандайдир  бўшлиқ пайдо бўлиб қолганди. Муҳтарам президентимиз Шавкат Миромонович  бу бўшлиқни тўлдириш, ҳамда мавжуд мауаммоларни ҳал қилиш мақсадида  Республикамизнинг қатор вилоятларида жумладан, Тошкент шаҳрида Абдулла Қодирий номли, Фарғонада вилоятида Эркин Воҳидов номли, Хоразм вилоятида Огаҳий номли, Сирдарё вилоятида Ҳалима Ҳудойбердиева номли ва бошқа бир қанча ижод мактабларини ташкил қилдилар. Бундан шундай хулоса чиқаришимиз керакки, сиз азиз ёшлар бу бўшлиқни тўлдирадиган, маънавий меросимизни бойитадиган энг етук шоиру шоиралар бўлиб камол топмоғингиз лозим.

    Ортиқ  Отажонов ҳам эл назарига тушгунга қадар   машаққатли йўлларни босиб ўтган. Дастлаб Устози Озод Иброҳимовдан рубоб чалишни ўрганиб, тинмай ўз устида ишлаган. Унинг санъаткор бўлиб етишишида  Комилжон Отаниёзовнинг ўрни биқиёс бўлган. Буюк ҳофиз Ортиқ Отажонов ўзи шеър ёзиб,  ҳам куй басталаб,  ҳам ижро этиб,  ўзининг меҳнати билан мана шу даражага эришган. Бугунги кунда  Улуғ санъаткорнинг ўзбек санъатига қолдирган бой маънавий мероси  қадрланиб,  эъзоз топмоқда, келажакда  Ортиқ Отажонов номли мактаб ташкил қилинса ҳам  айни муддао бўларди.

         Президент маслаҳатчиси бўлиб ишлаб юрган вақтларимда Ортиқ Отажонов Ўзбекистон, Туркманистон,  Қорақалпоғистон халқ  артисти унвонларига сазовор бўлган. Мана шундай қувончли кунларида ёнида бўлиб қўллаб-қувватлаб турганман. Ортиқ Отажонов  жуда ҳам камтар  бўлган. Ҳеч қачон манманлик қилганини кўрмаганман.  У енгил елпи қўшиқ куйламаган, айниқса қўшиқнинг сўзларига жуда катта аҳамият берган.   Умрбоқий қўшиқлар ярата олаганини сабаби ҳам балки шундандир.

           Гувоҳи бўлганимиздек бугун жуда гўзал анжуман ташкил қилинибди. Бунинг учун мана шундай ташаббус билан чиқиб,  барча ижодкорларни бир масканга тўплаган Муҳаммад Исмоилдан  беҳад миннаддормиз дея сўзини якунлади.

       Ортиқ Отажонов қўшиқларининг  вақт ўтган сайин янада қадр топиб бораётганли сабаби,  куйларига шеърларни тўғри танлай билганлигидадир. Санъаткорнинг қўшиқларини эл севиб тенглашига бевосита ёрдам берган шоирлардан бири Ўзбекистон халқ шоири  Омон Матжон ҳам тадбирда меҳмон бўлиб қуйидаги сўзларни сўзлади:

    Аввало мана шу тадбирга таклиф этганингиз учун беҳад  миннадорман, қолаверса мана шундай муҳташам мактабда йиғилганимиздан жуда ҳурсандман. Мен ҳозир қайси дўстим ҳақида гапиришни билмай турибман. Ҳалимахоним ҳақида гапирайми, Ортиқ Отажонов ҳақида  сўзлайинми…

        Ортиқ Отажонов билан қалин дўст эдик. Тез-тез кўришиб турардик.  Менинг бир қанча  шеърларимни қўшиқ қилиб куйлаган.  У  санъатимизни дарғаси эди. Менинг шеърларимни чиройли куйи, сеҳрли овози билан қадрини янада оширган десам адашмаган бўламан.

         Мана бугун жуда гўзал кеча ташкил қилинибди. Бу улкан анжуман Ортиқ Отажонов фарзандларининг кўксида фаҳр туйғусини тоғдек юксалтирди дейиш мумкин, дея сўзини томомлади.

         Ижод мактабининг ўқувчилари Омон Матжон шеърларидан намуналар ўқиб назм ва наво кечасига янада файз қўшдилар. Бундан руҳланиб кетган ижод мактабининг директори, халқимизнинг севимли шоири Муҳаммад Исмоил устози Ўзбекистон халқ шоираси Ҳалима Худойбердиеванинг “Даъват” шеърини баралла жўр овозда ўқишга ўқувчиларни чорлади ва ўзи ҳам биргаликда завқ ила шеър ўқиди. Хаттоки устози Ҳалимахонимни “Ўзбек шеъриятининг маликаси” дея эътироф этди.

        Қорақалпоғистонда ҳизмат кўрсатган артист Каримбой Раҳмонов, Ўзбекистонда Ҳизмат кўрсатган артист Оғабек Собиров ҳам тадбир иштирокчиларини табриклаб, устозлари Ортиқ Отажанов ҳақида  тўлқинланиб гапирдилар. Ҳонандалар ўзларининг чиройли қўшиқлари билан меҳмонларни  ҳушнуд этдилар.  Айниқса Оғабек Собиров Хоразмнинг сеҳрли куйи лазгини куйлаганида  барча яйраб  рақсга тушди.

         Бешта муҳим ташаббус Сирдарё намунаси сифатида ижод макабида   ташкил этилгани  жуда қувонарли воқеа бўлди. Ортиқ Отажонов хотирасига бағишлаб ташкил этилган назм ва наво мусиқалаштирилган  бу тадбир буюк санъаткор ижодига бўлган эҳтиромдир.

Ҳалима Худойбердиева номидагиИжод

мактабининг ўқитувчиси   Ш.Мамадлиева

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan