ҲАМИД ОЛИМЖОН ВА ЗУЛФИЯХОНИМЛАРНИ ЁД ЭТИБ…
1 min read

ҲАМИД ОЛИМЖОН ВА ЗУЛФИЯХОНИМЛАРНИ ЁД ЭТИБ…

Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби ташкил қилинганига кўп вақт бўлгани йўқ. Шунга қарамасдан бу маскан ижодкорларни бирлаштирган, ижод аҳлига кенг имкониятлар эшигини очган масканга айланмоқда.

Бугунга қадар ижод мактабига халқимиз суйган бир қанча ижодкорлар ва  эл ардоғидаги шоирларнинг ташрифи фикримиз исботидир.

Ижод мактабига ташриф буюраётган  ижодкорлар ижод мактаби ўқувчиларига нафақат маҳорат дарсларини ўтиб бермоқда, балки мактаб кутубхонасига  энг қимматли совға бўлган китоблар туҳфа этиб  кутубхона фондини бойитмоқда. 

Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабида ардоқли шоиримиз Ҳамид Олимжоннинг 110 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Ушбу тадбирда Ҳамид Олимжон ва Зулфияхонимнинг суюкли келини тиббиёт фанлари номзоди Риояхон Олимжонова,   Ҳамид Олимжоннинг набираси Отабек Олимжонов, Ҳамид Олимжоннинг  фарзанди- Ҳулкарнинг қизи кимё фанлари академиги “Ойбегим менинг” хотира китоби  муаллифи,  Зарифа Саидносированинг набираси  тарихчи- таржимон  Лолахон  Муҳиддинова меҳмон бўлдилар.

Шу кунгача ижод мактабига ташриф буюрган меҳмонлар каби Риояхон Олимжонова ҳам  маънавий-маърифий тадбирда жуда чиройли маъруза қилди.  Авваломбор, бизнинг юртимиз  ёшларининг келажагини ўйлаб, мана шундай ижод мактабини ташкил қилган Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевга раҳмат айтаман. Ушбу ижод мактабига таклиф этганликлари учун  халқимизнинг ардоқли шоири Ҳалима Худойбердиева ижод мактабининг директори Муҳаммаджон Исмоилдан миннатдорман. Ҳамид Олимжон ва Зулфияхон аяжон  оиласи номидан  барчангизга раҳмат айтаман. Ҳамид Олимжонни биз ёзиб кетган эсдаликларидан,  шеърларидан, китобларидан яхши биламиз. Аяжоннинг айтишига қараганда, Дадажон ниҳоятда интизомли, ўзларига ниҳоятда талабчан, меҳнаткаш, болапарвар, меҳмондўст инсон бўлган. Биз жуда ёш бўлганмиз, айниқса, Омон ака 4 ёшларида оталаридан етим қолганлар. Ўзлари бир куни эслаб бизнинг уйимизда одам жуда-жуда кўп йиғилган вақтда Ғофур ака (Шоир Ғофур Ғулом) ёнимга келиб мени маҳкам қучоқладилар ва хўнграб йиғладилар, деб эслардилар, дея хотирлади ўз маърузасида Риояхон Олимжонова.

Ҳамид Олимжоннинг бевақт ўлими Зулфия оиласи учун жуда катта фожеа бўлгани Риояхон Олимжонованинг сўзларидан кўриниб турибди. Ота- она  фарзандларга энг кўп керак бўлган давр бу унинг болалиги-да. Омон Ҳамидович отасидан етим қолганида 4 ёшли бола эди. Ўғил бола учун отаси ёнида бўлиши жуда муҳимдир. Мурғак Омонга тақдир буни кўп кўрди. Отадан айрилган Омонни Зулфиядек оқила аёл отасиз эканлигини билдирмай тарбиялади.

Риояхон Олимжонова Ҳамид Олимжон ҳақидаги хотиралар тўғрисида яна шундай эслади:

“Биз дадажон ҳақида жуда кўп саволлар билан аяжонни қийнаганимизни эслайман. Лекин мен дадажонни кўрдим, деб ҳисоблайман. Бу хонадонга янги келин бўлиб келган йилларимда бир туш кўрдим. Тушимда энг катта отамиз Маҳкамбой  отамизнинг (Ҳамид Олимжоннинг дадаси) уйидан чиқиб келиб дадажон (Ҳамид Олимжон)  “Раҳмат сизга” деб уч марта шу сўзни такрорладилар. Шу ҳодисани мен аяжонга айтиб бердим. Шунда аяжон мендан “Тушингизда қанақа кўриндилар – ўзи қанақа, қанақа кийинган, сочлари қанақа?”- деб сўрадилар. Ҳамма саволларига муфассал жавоб берганимдан кейин  ҳаяжонланиб “Тўғри кўрибсиз” деб ҳайрон қолдилар”.

Зулфияхоним Суюкли умр йўлдошини  шу қадар юксак муҳаббат билан суйганки, у ҳақида айтилган ҳар қандай фикр, ҳатто келини айтиб берган туш   уни қанчалар ҳаяжонлантиргани Риояхон Олимжонова сўзларидан яққол намоёндир.

Ижод мактаби ўқувчилари Риояхон Олимжоновага  Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним ҳақидаги  бир қанча ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар.

“Мен Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним хақида  билганларимни ёздим, бу китобларимда Ҳамид Олимжон ва  Зулфияхонимнинг жуда кўп шеърлари бор. Фарзандлари хақида шеърлари бор. Китобимда жуда керакли маълумот берганман. Мен китобларимда шоирлардек баландпарвоз ёзолмагандирман,  оддий сўзлар билан ёзгандирман, лекин шифокор бўла туриб китоб ёзишга қўл ўрганман, бунга албатта ижодкор оилага келин бўлганим сабабдир”,- деди ўз нутқида Риояхон Олимжонова.

 Яхши инсонлар ҳаётдан эрта кетади, назаримда. Ҳамид Олимжон ҳам яхши инсонлар орасидаги энг яхшиси эди. Ўзгалар манфаатини, ўзгалар дардини ўз дардидан устун қўйган жонкуяр инсон  эди. Буни биз Ҳамид Олимжоннинг Ёзувчилар уюшмасида фаолият юритган йилларида ижодкорларга яхши шароит яратиб бериш учун Ёзувчилар уюшмасини янги бинога кўчиргани, Дўрмон қароргоҳида  ижодкорлар учун дам олиш жойини ташкил қилгани  мисолида  кўришимиз мумкин.

Биз Ҳамид Олимжоннинг ва Зулфия Исроилованингн ижоди ҳақидаги маълумотларни дарсликлардан, улар ҳақида нашр этилган газета, журналлардан яхши биламиз. Бироқ бу маънавий-маърифий тадбирда биз уларнинг оила аъзоларидан улар ҳақидаги маълумотларни  шу даражада мароқ билан  тингладикки,  худди ўша оила даврасида биз ҳам ўтиргандек, худди ўша даврда биз ҳам яшагандек бўлдик.

Шу кунгача ижод мактабига ташриф буюрган меҳмонлар каби Ҳамид Олимжоннинг оила аъзолари ташрифи ҳам ўқувчиларнинг ижод соҳасига янада қизиқишини оширди, десак муболаға бўлмайди.

Одам шундай яшаши керакки, ўтган умрига ачинмаслиги керак, ачиниш энг бекорчи ишдир.

“Ҳаёт китобини аста варақлаб, Мен ўтган умримга ачинмай қўйдим”,-деган мисраларни ёзганида Зулфияхоним ҳақ эдилар. Ҳамид Олимжон ҳам, Зулфияхоним ҳам ўзбек адабиёти учун энг нодир ижод намуналарини яратди. Улар яратган асарларни  келажак авлод ўқиб-ўрганмоқда  ва улардан илҳомланиб ижод қилмоқда.

Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби

ўқитувчиси   Шохиста Мамадалиева

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan