Ҳалима Худойбердиева номидаги мактаб-интернатининг 8-синф ўқувчилари  Улуғ Ватан уруши қатнашчиси 94 ёшли БЕКТУРСИН БОБО ПИРМАТОВ билан учрашди
1 min read

Ҳалима Худойбердиева номидаги мактаб-интернатининг 8-синф ўқувчилари Улуғ Ватан уруши қатнашчиси 94 ёшли БЕКТУРСИН БОБО ПИРМАТОВ билан учрашди

Жорий йилнинг 21-ноябр куни Ҳалима Худойбердиева номидаги она тили ва адабиёт фанини чуқур ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 8-синф ўқувчилари улуғ ватан уруши қатнашчиси, I-гурух ногирони, 94 ёшли Бектурсин Пирматов билан улуғ ватан уриши ҳамда ўша даврдаги бўлган воқеалар бўйича суҳбат бўлиб ўтди.

-Гарчанд чор ҳукумати ағдарилган бўлса-да, лекин унинг мустамлакачилик сиёсати ва миллий зулми шўро давлати томонидан изчиллик билан давом эттирилди. Чоризм давридаги ҳақ-ҳуқуқсизлик, адолатсизлик, қирғин-барот ва миллий бойликларнинг таланиши энг юқори чўққига кўтарилди. Тарихда кўрилмаган бундай фожиаларнинг барчаси салтанатпарастлик ва коммунистик ғоянинг маҳсули эди, холос. ХХ аср          30-йилларида Олмонияда ҳокимиятни эгаллаган фашистларнинг ғояси ҳам улуғмиллатчилик ва салтанатпарастлик асосига қурилган эди. Уларнинг ирқчилик назарияси инсоният бошига не-не қирғин-баротларни келтирмади, дейсиз. Фашистлар 1939 йилда Иккинчи жаҳон урушини бошлаб юбордилар. 1941 йил 22 июнда эса собиқ Совет Иттифоқига ҳужум қилдилар.
Ушбу уруш бир халқ ва бир мамлакатнинг бошига тушган офат бўлмай, умумжаҳон ҳаёти ва келажагини барбод этувчи даҳшатли ҳодиса эди. Шу муносабат билан Ўзбекистоннинг бу урушдаги иштироки қандай бўлган, деган савол туғилиши табиийдир.

Ўзбекистон мудофаанинг моддий эҳтиёжини таъминлашда олдинги сафларда туриб, нимаики зарур бўлса, барчасини аямай сарфлади.

Чунончи, уруш йилларида аҳоли томонидан мудофаа жамғармасига 649,9 миллион сўм нақд пул, 4 миллиард 226 миллионн сўм заём пули, 52,9 кило олтин ва кумуш топширилган. Армияга 7 518 800 гимнастёрка, 2 636 700 пахталик, 2 221 200 этик ва қўнжли ботинка юборилган. Қийинчилик ва хомашё етишмаслигига қарамасдан, Тошкент тўқимачилик комбинати фронт учун 410 миллион метр газлама ишлаб чиқарган. Шунингдек, кўп миқдорда озиқ-овқат маҳсулотлари жўнатилган. Республиканинг ҳар бир вилояти, шаҳар ва тумани жангчиларга ёрдам қўлларини чўзганлар. Кийим-бош ва озиқ-овқат маҳсулотларини барча вилоятлардан фронтга жўнатиб турганлар. Ўзбек халқи ҳарбий хизматчиларнинг оилаларига ҳам катта ёрдам берган. Шунингдек, ўзбек халқи Россия, Украина, Белоруссия, Молдавия ва бошқа жойлардан кўчириб келтирилган ўн минглаб кишиларга бошпана бериб, меҳрибонлик ва ғамхўрлик намуналарини кўрсатган. Жанг бўлаётган ҳудудлардан кўчирилган аҳоли бошпана, кийим-бош ва озиқ-овқат билан таъминланган. Етим қолган болаларнинг талай қисмини ўзбек оилалари ўз қарамоғларига олдилар, фарзандларидан кам кўрмай тарбияладилар. Ўзбек халқи жангга кетган турли миллат вакилларининг оилаларидан ҳам моддий ёрдамини аямади. Минглаб болалар Болалар уйларига жойлаштирилди. Аҳолининг кўпчилиги қишлоқ аҳолиси ҳисобланиб, рус тилини билмаслиги ва совуқ ҳавога мослашмагани орқасида кўп қийинчилик ва машаққатларни бошдан кечирган. Яшаш шароитларининг оғирлиги ва ўзларининг эскирган кийимларида ишлашлари оқибатида ниҳоятда азоб-уқубат чекканлар. Ким қанчаси она юртидан узоқ жойларда кафансиз кўмилганлар. Шунингдек, ўзбек халқининг шахсий пуллари ҳисобидан тайёрланиб, жанг майдонига юборилган қурол-аслаҳалар ҳам кам бўлмаган.

Ўзбекистон 1943 йили немис-фашистларидан озод қилинган ҳудудларга ёрдам беришни бошлаб юборди. Масалан, мазкур йилнинг октябрида Ўзбекистондан Белоруссия, Украина ва Россиянинг душмандан тозаланган ерларига 800 нафар врач сафарбар қилинди. Ўзбек халқининг озод қилинган жойларга кўрсатган ёрдами аслида сероб. Аммо умумий тушунча учун келтириб ўтилганлари етарли, деб ўйлайман. Ўзбеклар Украина, Белоруссия, Москва, Сталинград, Кавказ, Қрим, Курск, Днепр, Марказий ва Жануби-шарқий Европадаги жангларда қатнашиб, Берлингача бордилар. Шунингдек, Япония билан урушда иштирок қилдилар, партизан урушларида мардонавор курашдилар.

Шу тариқа ўзбек халқи Иккинчи жаҳон урушида фашистларни тор-мор этишга молини ҳам, жонини ҳам тикди. Бамисоли топган битта нонини тўртга бўлиб, биттасини ўзига, қолганини бевосита фронтга, сўнг республикага кўчириб келтирилганларга, жангга кетганларнинг оилаларига, ҳарбий госпиталларга, фашистлардан озод қилинган ҳудудларнинг оч-ночор аҳолисига берди.

Минглаб аёллар бева ва болалар етим бўлиб қолдилар. Ота-оналар фарзандлари доғида қайғу-алам билан бу дунёдан кўз юмдилар. Уруш йилларида чек-чегараси йўқ харажатлар халқни шу даражада қашшоқлаштирдики, таърифлашга қалам ожизлик қилади. Қанчадан-қанча одамлар очлик ва касалликлардан ўлди. Уруш ўзбек халқининг бор-йўғидан тамомила айирди, кўрпа-ёстиғи, бошқа рўзғор анжомларидан мосуво бўлди, уй-жойи харобага айланди, оч ва юпун бўлиб қолди. Очарчилик ва касалликлар қишлоқларда авжига миниб, кўп одамларнинг ёстиғини қуритди. Болаларнинг орасида ҳам ўлим кўп учрарди. Уруш йилларида машаққатли меҳнат ва азоб-уқубатдан бошқа нарсани кўрмаган одамларнинг кўпчилиги қайғу-алам гирдобида жон бердилар. Шунга ўхшаш уруш қатнашчиларининг талай қисми ёруғ кунларни кўрмади. Бироқ шуни унутмаслик керакки, ота-боболаримиз мисли кўрилмаган азоб-уқубатлар ва талофатлар ҳисобига бутун инсоният бошига тушган офатни бартараф қилишга улкан ҳисса қўшиб, жаҳон тарихида ўчмас из қолдиришди. Бугун Мустақиллик шарофати ила ўша мудҳиш уруш йилларининг азобини тортган ва тирик қолган бахтли кишилар ҳаёт гаштини суриш шарафига муяссар бўлдилар. Мен ҳам шулар жумласиданман. Шахсан Юртбошимиз ташаббуси билан уруш қатнашчилари ва меҳнат фахрийларининг қадр-қиммати ўрнига қўйилиб, иззат ва ҳурмат кўрсатилмоқда. Жанг майдонларида ҳалок бўлганларнинг рўйхатини ўз ичига олган кўп жилдлик “Хотира” китоби чоп этилган. Хотира майдонида ажойиб мажмуа қурилиб, ҳалок бўлган ҳар бир инсоннинг номи зар ҳарфлар билан битилган. Ўйлайманки, Иккинчи жаҳон уруши келтирган даҳшатли оқибатлар, умуман уруш фожиаси ҳақидаги мулоҳазаларимиз ҳозирги авлодлар учун фойдадан холи бўлмайди. Зеро, улар билан танишган ҳар бир шахс бугун озод юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорликнинг қадрига етиши керак.

Қаҳрамон Мамаев,

Ҳалима Худойберидева номидаги

ижод мактаби тарбиячиси

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan