“Шеърим -менинг Ватаним,  мен  Ватанни    сотмасман…”
1 min read

“Шеърим -менинг Ватаним, мен Ватанни сотмасман…”

Халқимизнинг самимий, камтар ва ардоқли ижодкорларидан бири бўлган Амир Худойберди “Ҳар сўзимда ўзим бор, Сўз—қалбимнинг сурати…”-деб ёзган эди ўзининг “Ватан” шеърида. Яқинда Ҳалима Худойбердиева номидаги Ижод мактабида бўлиб ўтган шоир  Амир Худойберди иштирокидаги “Маҳорат дарси” ҳам шоирнинг ушбу мисралари нақадар ҳақиқат эканлигини исбот этди. Шоир  ўзининг адабиётга, шеъриятга  нисбатан  қарашларини, юракдан чиққан самимий фикрларини шу куни ўқувчилар билан  ўртоқлашди. Ижодкор, аввало, севимли шоирамиз Ҳалима Худойбердиева номини тилга олдилар. Шоира ҳақида, жумладан, қуйидаги фикрларни айтиб ўтдилар:

 – Ҳурматли ўқувчилар, Ҳалима Худoйбердиева шу қадар бағрикенг инсон эдики, жуда кўп истеъдодли ёшларни тарбиялаган. Хусусан, мен шахсан ўзим билганларим Эшқобил Шукур, Салим Ашур ва қанчадан қанча шогирдларни тарбиялаб етиштирган. Мен 18-19 ёшларимда жуда бир тушкун кайфиятда бўлган вақтим эди. Шунда телевидениеда бир кўрсатувда Ҳалима Худойбердиева  иштирок этиб, менинг “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида чоп этилган 5 та шеърим ҳақида гапириб қолдилар. 5 дақиқача ёзган шеърларимдан таъсирланиб мен ҳақимда гапирдилар. Ўша пайтда мени ҳатто танимас эдилар. Шунда менинг юрагимда совий бошлаган чўғлар яна қайтадан алангаланиб, яна шеъриятга қизиқиб кетганман. Сабаби ёш ижодкор ҳаётида турли-туман ҳодисалар, воқеалар, турли тўсиқлар бўлади. Ана шу тўсиқларда иккиланган вақтида “Йўқ, сенинг ортга қайтишга хаққинг йўқ, олдинга қараб боргин” деган киши бу сизларга ҳақиқий устоз бўлади. Мен шу сизларнинг мактабларингизнинг раҳбари Муҳаммад Исмоилни нима сабабдан  яхши кўраман? Муҳаммад Исмоил ўзи оташнафас шоир бўлиш билан биргаликда фаол бир фуқародир. Юртимизда кечаётган воқеликлар ҳақида ўзининг муносабатларини билдирмасдан тура олмайди. Ҳалима Худойбердиева бир чеккага суриб қўйилган бир пайтда – шоира йигирма икки йил матбуотдан, телевидениедан, радиодан узиб қўйилган вақтларда  биринчилардан бўлиб ижтимоий тармоқларда   Ҳалима Худойбердиевадек оташнафас шоирамизни бир чеккага суриб қўйишимиз яхши эмас, бундай инсоннинг шеъриятидан халқимиз баҳра олиши керак ва бундай таъқиқларга барҳам беришимиз керак, деган инсон Муҳаммад Исмоил бўлади. Муҳаммад Исмоил ҳақли равишда ушбу мактабга раҳбар бўлишга муносиб инсон, деб ўйлайман, -деди ижодкор.

 Амир Худойберди ижод оламининг ўзига хос сирлари ҳақидаги фикрларини давом эттириб, “Шоир қалбида, албатта, адолат, ҳақиқат ва инсонпарварлик туйғулари ва, энг муҳими, ишонч бўлиши керак. Агарда шундай  туйғулар бўлмаса, ижодкорнинг шеъри маҳалласидан нарига чиқмайди. Буюк шоирларнинг ҳаммаси мана шундай  туйғуларни кўнгилларига жо этишган”,- дея таъкидладилар.

“Республикамизнинг кўплаб худудларида шундай Ижод мактабларининг очилиши- катта бахт. Сизларда адабиётга муҳаббат, адабиётга меҳр, китобга меҳр пайдо бўлса ёки тафаккури баланд бир инсон бўлиб етишсаларинг, жамиятимиз учун фойда келтирадиган, ҳақсизликка, адолатсизликка қарши тура оладиган ва юрагида эзгулик бўлган инсонлар бўлиб етишсаларинг, мана шу Ҳалима Худойбердиева номидаги мактабда ўқиганлигингиз сабабли  шу мактабнинг бир ютуғи бўлади.

Адабиёт -бу катта бир даргоҳ, дарёдек, денгиздек бир гап. Алишер Навоийнинг  даврида Ҳиротнинг ўзида бир вақтнинг ўзида 500 нафар шоир ижод қилган экан. Ўттиз уч миллион ўзбек халқи учун эса  сизга ўхшаган ижодкорлар шоирлар сафини кенгайтиришига ишонамиз”,-дея ишонч билдирди шоир.

Ижодкор: “Мен ҳам сизлар каби 7 ёшимдан буён шеърлар ёзаман:

Тангри етти ёшимда ато этган қаламим,

   Сени унутиб мендан хато ўтган қаламим”.

деб ёзганман дея ўз ижодидаги мисралардан ёдга олди.  

Шоир яна ижод сирларига тўхталиб: “Турмушда, турли ҳил чорраҳаларда инсон ҳар хил икир-чикирлар гирдобида қолган вақтида шеърдан узоқлашади. Ижоддан совиб қолиши мумкин. Лекин мана шу қисқа танаффуслар бир нарсага хизмат қилиши керак. Сувни биласизлар, унинг йўлини тўсиб қўйсангиз, ўша сув йиғилиб-йиғилиб тўсиқни бузиб, яна ўзининг ўзанида оқишда давом этади. Инсон учун ҳам мана шундай тўсиқлар кучни тўплашга имконият  бўлиши керак. Ўша сув тўсиқни бузганидан кейин шиддат билан оқадими? Биз ҳам мана шундай кучимизни, имкониятимизни тўплаб, яна ижод қилишимиз керак. Инсон, ижодкор чалғийди. Турмушда турли хил босқичларни бошидан ўтказади, аммо ҳар қандай вақтда ҳам юрагидаги туйғуни йўқотиб қўймаслиги керак. Биринчи навбатда, шоирнинг қалби бўлиши керак. Агарда ўша қалб ўлса, бундай шоирнинг бир қатор ёзган шеъри ҳам  кўнгилга етиб бормайди. Қалбни асраш керак. Абдулла Ориповни биламан: худди болалардек самимий эди. Болаликдаги беғуборликни сақлаш ҳар қандай шоирга ҳам насиб қилавермайди. Қалб қотиб қолгандан кейин нафақат шоир бўлиш, балки бошқа бир соҳанинг мутахассиси бўлиб етишиш ҳам қийин. Чунки инсонни қалби бошқаради. Сўзни сизлар илондек ўйнатиб ташлашларинг мумкин, лекин бировнинг юрагига кириб бормаслиги мумкин бу сўзлар. Олтиндан, кумушдан ясанг гулни, лекин оддий тирик атиргулдек жило бера олмайди. Халқнинг юрагидан жой олиш учун тирик сўз керак бўлади. Сувнинг энг тозаси булоқдан отилиб чиқади, шеър ҳам худди булоқ каби тоза қалбдан отилиб чиқади, деб таъкидлаб ўтдилар.

Шундан сўнг ўқувчилар Хамрақулова Шаҳзода, Маматова Манзура, Синдарова Камола, Ғофурова Дилафруз, Ҳасанова Ҳафизалар  ўзларини қизиқтирган саволлар билан ижодкорга мурожаат қилишди.

8-синф ўқувчиси Ҳасанова Ҳафиза “Агар сизга  ушбу ҳаётга қайта келишга яна бир имкон берилганида яшаб ўтган ҳаётингизда нимани ўзгартирган ёки ўзгартирмаган бўлар эдингиз? ”- деган саволига шоир:

-Бу ҳаётда хатоларсиз ҳеч бир сабоқ ололмаймиз. Мен бир шеъримда ёзганман: Устозим- адашиш, шогирдим -ташвиш! Ёки “Васият” деган шеъримда ёзганман:

Гар ўлсам бешигимни ёпинчиғин топинглар,

                                 Йиртиқ-ямоқ бўлса ҳам тобутимга ёпинглар.

Кўрсинлар йиғилганлар, умрим бари хатодир,

                                 Бу оламда топганим шу бир парча матодир.

дея ўз шеърларидан парча ўқидилар. Ижодкор ўз фикрларини : -Бу ҳаётда кичкина хатолардан хулоса чиқариб, катта хатолар қилишнинг олдини олиш керак. Катта хатолардан бири- бу умрни зое кетказиш, яъни умр бир гавҳардай нарса бўлса, ўша гавҳарни тошга уриб синдириш бу умрни беҳудага зое кетказишдир. Шу тариқа мен яшаб ўтган умримдан афсус чекмайман,- дея давом эттирдилар.

Ижодингизнинг бош мавзуси нима, сиз, асосан, қайси мавзуда ижод қиласиз, деган саволга шоир: -Ёзувчининг ёзган ҳикояси, шеъри инсоннинг қалбига кириб бориши- бу унинг учун катта бахт. Менинг ижодимдаги асосий бош мавзу бу -“Ўлим ва ҳаёт”, “Ҳаётсеварлик”, чунки ҳаётни севаман. Мен бутун шон-шуҳратимни тирикликнинг ярим коса ёвғонига алмаштирган бўлар эдим,- деб жавоб берди. 

Саволларга жавоб беришда давом этиб ижодкор “Дўстларим хақидаги шеърларга келадиган бўлсак, мен бу мавзуда жуда кўплаб шеърлар ёзганман.  Ёшлигимда жуда кўплаб шеърларим “Қашқадарё хақиқати” газетасида чоп этилган”,-дедилар.

Шоир ҳасадгўйлар тўғрисида гапириб, Абдулла Ориповнинг таъбири билан айтганда “Бизлар ер юзида юрсак саргардон, сенга ким қўйибди парвозда нодон” деб ҳасадгўйларга нисбатан ҳам  тўхталиб ўтдилар.

 Сохта мақтовчилардан узоқ бўлиш керак. Ҳаётдан мақсадим ҳеч қачон шеърият орқали   шон-шуҳрат қозонаман, деб шеър ёзмаганман. Мақсадим эса халқим учун энг керакли сўзни айтиш. Тириклик- энг олий неъмат,- каби сўзлар билан ўз фикрларини якунлади ижодкор.   Шоир шундан сўнг “Ватан” ва “Бегоналармиз” шеърини ўқиб бердилар.

Ижодкор ўзининг “Ватан” шеърини:

Ватан учун фидо ҳар

Кипригимнинг толаси.

Юрагимдир қирларда

Ёниб турган лоласи.

Шоир бўлдим, мен оддий

Ўзбекнинг бир боласи.

Бир томирмиз, элдошлар,

Мен сизники- ётмасман.

Шеърим -менинг Ватаним,  

Мен  Ватанни сотмасман,-каби мисралар билан тугаллаган. Ушбу мисраларда  шоирнинг қалби бутун борлиғи билан  акс этган. Ўтказилган мана шу “Маҳорат дарси”дан ҳам шоирнинг нақадар самимий, ҳақсевар ва халқсевар инсон эканлиги тўла намоён бўлди. Шоир дилдан ўқувчилар билан суҳбатлашди ва ўзининг қимматли маслаҳатларини берди.

Дарҳақиқат, бундай маҳорат дарслари ўқувчиларнинг дунёқарашини кенгайтиради. Фирклаш тарзини ўзгартиради. Бу эса келажакда ўз самарасини  бериши тайин. Машғулотлар якунида ардоқли шоир ўз китобларидан Ижод мактабига совға қилди.

Хурсандой Сотволдиева,

Ҳалима Худойберидева номидаги

Ижод мактабининг

она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan