ХОВОСЛИКЛАРГА  «АДОЛАТ»  КЕРАКМИ ?
1 min read

ХОВОСЛИКЛАРГА «АДОЛАТ» КЕРАКМИ ?

Жорий йилнинг 16 декабр куни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси 32-Ховособод сайлов округидан Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига номзод, элнинг ардоқли шоири Муҳаммад Исмоилов ўз сайловчилари билан учрашди.

Ховос тумани “Еттигузар” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 12-мактабда бўлиб ўтган тадбирда 32-Ховособод округ раислари Ҳамробой Ходжаев, Бекзод Маъзамқулов, маҳалла фуқаролари йиғини аҳолиси қатнашди.

Вилоят Кенгаши депутатлигига номзод Муҳаммад Исмоиловнинг ишончли вакили Аҳрор Фатталов номзоднинг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастури билан таништириб ўтди.

Йиғилишда сўзга чиққан “Еттигузар” маҳалла фуқаролар йиғини фаоли Рўзибек Абдунабиев халқимизнинг севимли шоири Муҳаммад Исмоил ҳақида тўлқинланиб гапирди: – Ҳадиси шарифларда Пайғамбаримиз илмли инсонларнинг қадри буюк бўлишлиги, маърифатли инсонлар доим ўз ортидан халқни эзгуликка, яхшиликка, саховатга, иймонли, эътиқодли бўлишга чорлаши ҳақида айтиб ўтганлар. Худди шундай, бугун биз ўзимизнинг юртдошимиз, азим Ховос бағридан етишиб чиққан шоиримиз Муҳаммад Исмоилга овоз берсак, бугунги ёш авлоднинг маънавиятини юксалишига, элимиздан яна буюк шоир ва ёзувчилар чиқишига ишонч билдирган бўламиз, деди.

Шунингдек, маҳалла оқсоқолларидан Мамараим хожи Жўраев Муҳаммад Исмоиловнинг болалиги барча қишлоқ болалари сингари пайкаллар орасида меҳнат билан ўтганлигини, шоир бугунгидай элнинг суюкли шоири бўлиб етишгунча тинимсиз изланиб, меҳнат қилганлигини, шоир халқнинг дилидаги гапларини ёзиши, халқнинг дарди билан яшашини, бир неча йиллар мобайнида қишлоғидан олисда яшасада, ўз қишлоғини, элатдошларини бир лаҳза бўлсада унутмаганлигини, ижодининг мазмуни туғилиб ўсган маскани ҳақида эканлигини таъкидлаб ўтди.

Халқимизнинг севимли шоири Муҳаммад Исмоилов сайловчилар билан учрашув чоғида келгусида амалга оширишни режалаштирган ишлари борасида ўртоқлашди. У ўз сўзида Ховоснинг бой маънавий тарихи нафақат вилоятимизда, балки республикамизда ҳам машҳур эканлигини, қадимда буюк Амир Темур, Мирзо Бобурлар ҳам Ховоснинг гўзал табиати, минтақавий жиҳатдан ўрни беқиёс эканлигини, мард ва жасур ўғлонлари ҳақида ўз битикларида ёзишган. Мен ҳар доим она юртим Ховоснинг янада юксалиши учун ўзимнинг иқтидорим, билимим, куч-қудратим, меҳнатимни аямайман, дея эътироф этди.

Йиғилиш сўнггида халқимизнинг ардоқли шоири ўзининг қаламига мансуб китобларини 12-умумий ўрта таълим мактаби кутубхонасига ва “Еттигузар” маҳалла фуқаролар йиғини аъзоларига туҳфа қилди.

Моҳидил Зияева,

Халқ таълими аълочиси

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan