Зулфиянинг таваллуд айёмига бағишлаб “Зулфия издошлари” номли беллашув-тадбири бўлиб ўтди…
1 min read

Зулфиянинг таваллуд айёмига бағишлаб “Зулфия издошлари” номли беллашув-тадбири бўлиб ўтди…

Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабида халқимизнинг севимли шоираси Зулфиянинг таваллуд кунига бағишланган беллашув-тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирни Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабининг директори Муҳаммад Исмоил очиб берди ва Зулфия ҳақида қуйидагиларни сўзлади:

Зулфия халқимизнинг севимли шоираси, ўзбек аёлининг ҳақиқий тимсолидир. Унинг муҳаббати, турмуш ўртоғи Ҳамид Олимжонга садоқати, таҳсинга сазовордир -дея шоира ҳақидаги бир қанча қимматли маълумотлар келтириб, барчани ҳушнуд этди.

Беллашув – тадбирда ижод мактабининг ўқувчилари ўз истеъдодларини намоён этдилар.

Беллашувнинг таништирув шартида ҳар бир иштирокчи ўзи ҳақидаги маълумотни шеърий усулда ўқиб, қанчалар иқтидорли эканликларини намоён этдилар.

Зулфия ижоди бўйича тузилган “Тезкор савол-жавоб” шарти бўйича беллашувда иштирокчиларининг халқимизнинг севимли шоираси Зулфия Исроилова ижоди билан яқиндан таниш эканликлари маълум бўлди. Айниқса беллашув иштирокчиси 7-синф ўқувчиси Ҳайдарова Моҳларойим бу шарт бўйича пешқадамликни қўлдан бермади.

Беллашувнинг “Эркин мавзу” шарти айниқса тадбир иштирокчиларига кўтарингки кайфиятни тақдим этди.

Ҳайдарова Моҳларойим Воҳид Абдуҳакимовнинг “Мустахзод” қўшиғига, Ҳамроқулова Шахзода Юлдуз Усмонованинг “Қизғалдоғим” қўшиғига, Давронбекова Шахло Озодбек Назарбековнинг “Бинафша” қўшиғига рақс ижро этганларида тадбир меҳмонларининг олқиши тинмай жаранг сочди.

Тадбирда 5-синф ўқувчилари Исмоилова Зулфия, Абдунабиева Дилноза, 6-синф ўқувчиси Абдувоҳидова Дилноза, Қосимова Дилноза. 7-синф ўқувчиси Ёрқинова Гулбаҳор, 8-синф ўқувчиси Синдарова Камола Зулфия ижодидан намуналар ўқиб, ижод мактаби ўқувчиси эканлагини муносиб оқладилар.

Айниқса, 7-синф ўқувчилари Зулфиянинг “Сен қайдасан юрагим” номли шеърини ҳорижий тилларда ижро этиб, барчанинг олқишига сазовор бўлдилар. 5-синф ўқувчилари Сайёра Қозиеванинг “Бинафша” қўшиғига рақс ижро этиб, барчани ҳушнуд этдилар.

Беллашув сўнгида Ҳалима Ҳудойбердиева номидаги ижод мактабининг директори Муҳаммад Исмоил ғолибларни эълон қилди. Ҳайдарова Моҳларойим беллашунинг мутлоқ ғолибаси деб эътироф этилди.

Беллашувнинг барча иштирокчиларига тадбирдаги муносиб иштироклари учун китоблар тақдим этилди. Эл суйган адибларимизнинг китоблари билан бирга Муҳаммад Исмоил қаламига мансуб китобларнинг ҳам туҳфа этилиши беллашув иштирокчиларини беҳад қувонтирди. 

Бундай тадбирларнинг ташкил этилиши ўқувчи ёшларнинг маънавиятини янада юксалтиришга, ижодий салоҳиятини янада оширишга ҳизмат қилади. Ўқувчи ёшларнинг истеъдоди ва янги қирралари намоён бўлиб бораверади.

Шохиста Мамадалиева,
Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби ўқитувчиси

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan