ҚОРНИ ТЎҚУ КЎЗИ ОЧЛАР, УЯТ СИЗГА!
1 min read

ҚОРНИ ТЎҚУ КЎЗИ ОЧЛАР, УЯТ СИЗГА!

Бугун коронавирус балоси Ер юзида кезиб юрибди. Орамизда буни  Худодан кўраётганлар ҳам бор. Худо бандасига ҳеч қачон ёмонликни раво кўрмайди. Балки банданинг ўзи  балони ўзига орттириб олади. Бу бало чиққани учун ҳатто Хитойни ҳам айбламаслик керак. Хитой ҳам бу балога йўлиққан давлатларнинг бири, халос. Бу бало жинояткор инсоният учун жазо муддати белгиланишидир.

Аслида бу жазо муддатини сабр тоқат, матонат ва ўз ўзимизни жисмонан, маънан ва руҳан тозалаш билан ўтказишимиз, қилган гуноҳларимиз учун тавба –тазарру қилишимиз, соғлом ҳаёт кечириш учун ўз устимизда ўзимиз қайта ишлашимиз, ўзимизни ўзимиз ислоҳ қилишимиз, қилган хатоларимиз учун жазо олаётганлигимизни қалбан англашимиз, онгу-тафаккуримизни тўғри йўлга йўналтиришимиз, ҳалол, адолатли, покиза ва соф эътиқод билан яшашга ўз ичимизда ўзимизга онт ичишимиз лозим эди. Балки, кўплар шундай ҳам қилаётгандирлар. Лекин, орамизда шундайлар ҳам бор эканки.. ҳайрону ҳайратдан ёқа ушлайди одам.

Одамлар қоплаб ун, қоплаб картошка, қоплаб пиёз, ёғ, гуруч борингки қўлига тушган нарсани сотиб ола бошлади. Кечагина мусулмонман деб жомъе масжидларини тўлдириб ўтирган одамлар, тасбеҳни қўлдан қўймай ўтган кетганга насиҳат қилиб ўтирган одамлар, кариллаб юрган бойваччалар, тилла тақинчоқларни етти пуштигача йиғиб қўйган ойимтилла хотинлар, қимматбаҳо мошиналарини зинғиллатиб учириб юрган бек йигитлар ўзларини бозорга, супермаркетларга уриб ғарам ғарам қилиб озиқ овқатларни уйига таший бошлади. Бу ризқ берувчи Худонинг қудратига шак келтиришку! Бу замонда ким оч қолиб кетибдики, сен оч қолсанг, дейдиган бир мард йўқ. Пайғамбаримизда ҳадис бор: “ Ким қийинчилик даврида омборида бир кунлик озиқ овқатдан ортиғини сақласа Худога осий бўлади. Ким озиқ овқат тақчиллигидан фойдаланиб озиқ овқатнинг нархини кўтарса, ўша ортиқча олган фойдаси унинг учун ҳаромдир.”

Очкўзлик шундай балоки, одамга тоғдай олтин берилса, у иккинчи олтин тоғни истайди. Агар иккинчисини ҳам берсангиз, у учинчисига кўз олайтиради. Кунда бир коса овқатга тўйиб юрган эдингиз,  бирдан беш ўн косалаб овқат ейдиган бўлиб қолдингизми, нега қоплаб ун ташийдиган бўлиб қолдингиз. Қани сиздаги қаноат, қани сиздаги инсонийлик? Нега ўз ўзингизни инсофга чақирмайсиз? Ахир бу кунлар ўткинчику? Эрта индин коронавирус балоси Ер юзидан даф бўлади. Шунда ўзингизни олдингизда, фарзандларингиз олдида, қўни қўшни, ёр-биродарларингиз олдида уялиб қолмайсизми? Ахир сиз уларнинг ризқини қийиб, ҳамқишлоқларингизни, ҳамшаҳарларингизни ризқини қийиб, уйингизга озиқ овқатни ғамлаб олдингизку? Улар ейилмасдан чириб кетадику? Нарх наво ошишига сиз сабаб бўлдингизку? Нарх наво ошгани сабаб кимдир қийналиб қолдику? Ҳатто қурт қумурсқаларга ўз вақтида ризқ етқазиб бериб турган Оллоҳ, наҳотки бутун коинотнинг гултожи бўлган инсонга ризқ етқазиб беришига шубҳаландингиз.

Сизнинг очкўзлигингиз сизнинг ёвузлигингиз, золимлигингиз, ўзгаларга зулмингиз эмасми? Ҳар биримиз жамият билан чамбарчас боғлиқмиз. Энди ҳар бир инсон ўзинигина эмас жамиятни ҳам ўйлаши керак. Ҳар бир инсон, тозалик, озодалик тартиб қоидаларига қатъий амал қилиши керак. Бозорга эмас, коронавирусга қарши курашишга шошилиш керак. Ҳаммамиз соғлиғимизни асраш учун қатъий бел боғласак худди Хитой, Япония сингари ҳамжиҳат бўлиб бу балони енгамиз. Ўйлайманки, хитойликлар бир бирини ҳурмат қилганлиги учун, бир бирини эъзозлаб ардоқлагани учун, ўз Хукумати қўйган талабларни бажарганликлари учун, Хитойни ва Хитой давлатини севганликлари учун бу балодан тезда қутулдилар ва соғлом ҳаётга қайтдилар. Бугунги кунда Хитой иқтисоди яна 96,5 фоиз тикланди.

Сирдарёда бугун буюк ўзгаришлар, бунёдкорлик ишлари давом этмоқда. Бундай юксалишлар, тараққиёт  Сирдарё тарихида авваллари ҳечқачон бўлмаган. Бу залворли кунлар Сирдарё тарихига олтин зарварақлар билан ёзилгай.  Келинглар дўстлар, мана шундай олтин кунларга тезроқ қайтиш учун сабр тоқатли, соғу-саломат, тоза қалб, диёнатли, инсофли, миллатпарвар ва Ватанпарвар бўлайлик. Албатта, Худо биз тарафда !

Эллар ичра номи баланд элга шукур,

Халқлар ичра қадди басти тенгга шукур,

Меҳри офтоб феълсан, бағри кенгга шукур

Қайга борсам кўксинг қалқон Ўзбекистон!

Дардимизга ўзинг дармон  Ўзбекистон!

МУҲАММАД  ИСМОИЛ,

“Адолат” СДП Вилоят Кенгаши депутати.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan